Главная » Статьи » HIKOYALAR

Mo'jizalarga ishongim kelmaydi!

«Бу саволни нима учун берганимни тўғри тушунасиз, деган умиддаман. Мен динни ва диний китобларни ўта кучли тарбияловчи манба деб биламан ва уларда буюрилган амалларни бажаришга ҳаракат қиламан. Лекин китобларда барчага ибрат тариқасида келтириладиган мўъжизаларга ишонгим келмайди. Илтимос, менга тушунарсиз бўлган шу жиҳатлар ҳақида маълумот берсангиз».

– Аввало, "мўъжиза” (арабча – ақлни ожиз қолдирувчи ҳодиса) дейилганида, пайғамбарларнинг ҳақиқатан ҳам Аллоҳ таоло бандаларга юборган элчилар эканига далил-ҳужжат сифатида юз берган ғайритабиий ҳодиса тушунилади.

Масалан, Мусонинг (алайҳиссалом) ҳассаси таёқ сифатида қўй ҳайдашдан ташқари, керак пайтда бошқа шаклга кириб, дарёга кўприк бўлар ёки аждарга айланиб, ҳазрат Мусо фойдасига хизмат қилар эди. Исога (алайҳиссалом) оғир ва бедаво касалликларни бир нафас билан тузатиш, мурдаларни тирилтира олиш каби мўъжизалар берилган. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса бир неча ўнлаб мўъжизаларга эга бўлганлар. Улардан энг улуғи – ўқиш, ёзишдан мутлақо хабари бўлмаган ҳолда Қуръони карим оятларини ёддан тиловат этишлари. Бу оятнинг шакл ва мазмун жиҳатидан башарият имконида йўқ тенгсиз, олий даражада айтилган илоҳий ваҳийлар эканидир. Зеро, пайғамбарлик ана шундай мўъжизалар билан тасдиқланади.

Қуръони карим ва Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифларида мўъжизалар "оят” ёки "бурҳон” дейилади. Аллоҳ таоло табиат қонунларини қандай яратган бўлса, ғайритабиий ҳолларнинг қонунларини ҳам Ўзининг қудрати ва ифодаси билан яратган. Аммо биз ғайритабиий ҳолларнинг сабабларини билолмаймиз. Буни фақат пайғамбарларгина билишади, тушунишади. Аллоҳнинг пайғамбарлари инсонлар билмаганини билишади. Кўрмаганини кўришади, эшитмаганини эшитишади. Моддалар оламини ўзгармас қонунларга боғлаб қўйган Аллоҳ таоло пайғамбарларини қувватлантириш, уларни янада шарафлантириш учун табиат ҳодисаларига ўзгартириш киритиши ҳамда уларнинг сабабларини ҳам, таъсирини ҳам йўқотиши мумкин. Масалан, олов ҳамма нарсани ёндириб-куйдирувчи бўлишига қарамай, Аллоҳнинг қудрати билан Иброҳимни (алайҳиссалом) ёндирмади, унга таъсир ўтказа олмади: "Биз айтдик: "Эй, олов! Иброҳимга салқин ва омонлик бўл!” (Анбиё, 69).

Мўъжизаларга ҳар қандай кишининг ҳам ақли етавермайди. Лекин мўъжизалар бор ва улар ҳақиқатдир. Бу мўъжизаларни тушуниб етиш, қабул қилиш учун инсон аввало Аллоҳ таолонинг буюк қудратига, кўз билан кўриш имконсиз баъзи ҳақиқатларга ишонмоғи лозим. Қуръони карим ақл бовар қилмас холларнинг ҳам бўлиши мумкинлигидан хабар бериб, мўъжизаларни ёлғиз Аллоҳ иродаси билан содир этилишини. Пайғамбарлар ҳам хоҳлаган пайтларида мўъжиза кўрсата олмасликларини ҳам билдиради: "Агар уларга бирон оят-мўъжиза келса, албатта, имон келтиришлари ҳақида жон-жаҳдлари билан Аллоҳга қасам ичадилар. "Оятлар Аллоҳнинг ҳузуридадир”, – деб айтинг! Қайдан ҳам билурсизлар (оятлар) келганда ҳам. Балки имон келтирмаслар” (Анъом, 109).

Мўъжизаларга ишонтирмоқ учун кўрсатилган далиллар ниҳоят даражада ҳақиқий бўлиши керак. Таъкидлаш лозим, Муҳаммаднинг(алайҳиссалом) мўъжизалари билан боғлиқ далиллар бошқа ҳодисаларнинг тарихий далиллардан ҳам ишонарли ва қувватлидир: "Эсланг, Исо ибн Марям: "Эй, исроил авлоди! Мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман”, деган эди” (Саф, 6).

Инсонлар фаолиятидаги ҳар қандай тажрибага "фан” номи берилган. Фан бирор нарсанинг моддий соҳада қандай бўлишини, қайси хусусиятларга эга эканини текширади. Лекин фаннинг имконият доирасидан ташқарида қолган, ақлнинг чегарасига кирмаган, фалсафани ожиз қолдирган масалаларни ечиш диннинг вазифасидир. Аллоҳ таоло инсонларга уларнинг ақли етмаган ҳақиқатларни пайғамбарлар воситасида ўргатган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкин, диннинг кўрсатмаларига амал қилиш азмидаги шахс унинг манбаларида зикр этилган ва пайғамбарлар кўрсатган мўъжизаларга ишонмоғи лозим. Акс ҳолда, имони тўлиқ шаклланишига зарар етиб қолиши мумкин. Зеро, пайғамбарларга имон келтирганида, уларга Аллоҳ таоло берган мўъжизаларга ҳам имон келтириш назарда тутилади.


Диққат, диққат! "UZBEKINO.NET"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!
Категория: HIKOYALAR | Добавил: ►χąĈЌεг◄ (07.12.2014)
Просмотров: 1307 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0

Ештиш Радио ORZU FM


Онлайн радио ORZU FM


ComForm">
avatar