Главная » Статьи » HIKOYALAR

Og'riq (1 bo'lim) (UZ-SAYYOD.COM)

“Бўлиши мумкин эмас. Бугун ҳам худди ўтган галгидек анча пул йўқ. Болаларимдан қайси бири олди экан? Йўғ-е, улар олиши мумкин эмас... ё хотини олдимикан, сўрамай пул олиш одати йўқ эди – ку? Ким бўлиши мумкин?” – Ҳайдар ака хаёлидан ўтган фикрларни сездирмаслик учун ўзини осойишта тутишга ҳаракат қилар, аммо бир нуқтага тикилиб қолиши, атрофдагиларнинг саволларига эшитиб – эшитмай аллатовур жавоб қайтариши унинг ўзи шу ерда бўлса ҳам хаёллари бошқа жойда тўзғиб юрганидан дарак берарди. Бугун энг яқин дўсти Султон узоқ сафардан қайтган. Шу муносабат дастурхон ёзиб, билан барча оғайниларини меҳмонга чақирган. Ҳайдар ака иложи йўқлигини айтиши билан: – Агар бугун сени зиёфатда кўрмасам, қайтиб юзингга қарамайман, ошна-оғайничиликка ҳам нуқта қўяман, – деб ростакамига тутақиб кетди. Бир амаллаб ўзини мажбурлаб зиёфатга келган бўлса-да, энди хаёлини тўплай олмас, қалбининг туб-тубидан меҳмондорчилик тезроқ тугашини, эрталабдан буён ўзини танг аҳволга солган сирнинг тагига етишни хоҳларди. Аслини олганда уни қийнаётган нарса лаънати пул эмас, фақат қўрққани – наҳот унинг болаларидан бири ўғирлик қилаётган бўлса?! 4 ўғил, 2 қизи маҳаллада барчанинг эътиборини қозонган. Кексалар қачонки тарбия борасида, болаларнинг хулқ-атвори хусусида сўз очсалар, албатта унинг фарзандларини ибрат тариқасида тилга оладилар. Бундай гапларни эшитиб, болаларидан кўнгли тўқ, ғурури осмон бўлиб юрганда бу қандай ҳол бўлди-я? Ўзи билан ўзи олишиб, чуқур ўйга берилганидан табиатан қорача юзлари янада бўғриқиб кетди. Бу вақтда Султон мусофирчиликда чеккан азоблари ҳақида берилиб ҳикоя қиларди. – Пул, пул деймиз-у, шундай ажойиб кунларнинг қадрига етмаймиз. Қайтишимдан икки ой илгари тобим қочиб қолди. Мен билан бирга ишлайдиганларнинг орасида тиббиётдан хабари борлар ҳам бор экан. Собир ака деган биродаримиз дарров сув билан алламбало таблетка кўтариб келди. “Ука, қон босимингиз кўтарилибди, мана шу дорини ичиб бироз дам олинг, иложи бўлса, эртага ишга чиқманг, ўзимиз амаллаб турамиз”, деди. Аввалига кўнмадим, “э, менда қон босими нима қилади, қизиқмисиз Собир ака”, дедим-у, барибир юрагимга бир ваҳима оралаб, дорини ичиб юбордим. Ваҳима ораламасдан-чи, ўтган йили ўйнаб-кулиб дарс бериб юрган Шомурод маълим ўлди-кетди. Эшитсак, қон босими кўтарилган экан, ўз вақтида ёрдам берилмаган. Ёшгина ҳали қирққа кирмаган жони савил кетди. Нариги кўчадаги Қурбон сартарош ҳам, Нодир ошпаз ҳам шу дард билан кетди. Кўз олдимдан нуқул болаларим ўтади, гўёки таппа йиқилиб ўлиб қоладигандай этим жунжикди. Ҳали бирортасини ўқитиб, уйли-жойли қиган бўмасам, мана Ҳайдар ўзинг айт... – гапини тасдиқлатиш учун ошнасига қараган Султоннинг гапи оғзида қолди. – Э-й-й, Ҳайдар нима бало, сениям қон босиминг борма, уйинг тинчма ўзи, – деб гапириниб, деразадан болаларини бирини чақирди. – Бобур, тез аптечкани опке. – Қўй, болани овора қилма, сал ғалати бўб кетаяпман, ҳозир ўтиб кетади. Шу хафа бўмасанг, энди уйга қайтсам, кейин ўзим алоҳида гурунгга чиқаман. Ўзим бугун чиқиб ҳаммани безовта қимай, эрта-мерта чиқаман, деб эдим. Сени гапингдан кейин хафа бўлмасин дедимда. – Ҳай майли, аввал дорини ич. Шундай экан, тушунтириб айтсанг, ўласанма? Бола - чақанг уйдама? Агар ҳозир болалари онаси билан тоққа, бобосини уйига кетганини айтса, Султон ўлибам унга жавоб бермаслигини сезди-ю, ёлғон гапиришга мажбур бўлди. – Уйда бўлмай, қаёқда бўларди. Меҳмонлардан узр сўраб, улар билан хайрлашгач, Султон уни дарвозагача кузатиб қўйди. Ётиб дам олиши кераклиги қайта-қайта таъкидлади. Ҳайдар ака ошнасининг ҳамма гапини маъқуллаб, ётиб дам олишга ваъда берди-ю, хайрлашиб уйига йўл олди. Йўлда кетиб бораркан, ногоҳ бугун эрталаб кичик ўғли Шерзоднинг қўлидаги тўп эсига тушди. Тунов куни ўғли, тўп оберинг, деганида ҳали ойлик олмаган эди. Ишга кетаётиб дўкондан тўпнинг нархи билиб, албатта олиб бераман, деб дилига тукканди. Наҳот Шерзод арзимаган нарса учун ўғирлик қилган бўлса? Хаёл тулпорининг бошини бўш қўйиб кетаётган Ҳайдар акани Ориф бобо тўхташга мажбур қилди. – Ҳайдарбой, яхшимисан? – Ассалому алайкум, аҳволларингиз яхшими? Бардам - бақувват чопқиллаб юрибсизми? – Ҳа, яхши, яхши. Бу дейман, зап ўғлинг бор-да. Нариги қишлоқдаги мулла Усмондан бир тумор ясаттириб ке, кўз тегмасин. Икки кун олдин беда ўраётганимда кўриб қолганди. Кеча бир ўртоғи билан келиб, мен ҳали ўн кунларда тугатолмайдиган ишимни тугатди қўйди. Шунча чарчадинг, меҳнат ҳақингни ол, десам, қуённи расмини чизиб жўнаб қопти. Шу болани бир хурсанд қилай, деб Зафарнинг дўконига бордим. Неччи кундан бери ўғлинг дўкон атрофида айланиб юрган эди. Дардини Зафардан сўраб билдим. Эрталаб уйингга бориб тўпни Шерзоджонга бериб келдим. Болапақир-ей, уни хурсанд бўганини айт. Бизам ёшликда тўп деса томдан ташлаганмиз. – Э, бекор қипсизда. Ўзим обермоқчи эдим. – деди-ю, Ҳайдар аканинг елкасидан тоғ йиқилгандай енгил тортди. Ҳарҳолда, Шерзод тўп учун пул ўғирламагани аён бўлди. – Сени оберганингни йўли бошқа. Буни ўзи меҳнат қип олди. Кейин яна бир гап, болани ишига яраша мукофотлаб турсанг, у ишдан безиб қомайди. Меҳнатнинг орқасидан роҳати бўлишини билиб олади. Ҳай бўпти, сениям йўлдан қўйдим. Шерзодга айт, яна хабарлашиб турсин. – Ориф бобо шундай деб йўлида давом этди. Энди босган қадамлари илгарилаб, уйга қандай етиб келганини билмай қолди. Очиқ қолган эшикни кўриб, ҳайрон қолди. Болалари қайтиб келдимикан? Эшик тутқичига қўл узатиши билан ичкаридан бўрондек бўлиб бир бола отилиб чиқиб кетди. Чиқаётиб, урилиб кетди-ю, қўлидаги бир даста темир жаранглаб цемент йўлакчага тушди. Лекин бола орқасига ўгирилмасдан югурганича кўздан ғойиб бўлди. Ғалати бўлди-ку, ким экан? Менинг уйимда нима қиляпти? Энг қизиғи, эшикни калитини қаердан олди экан? Сон-саноқсиз хаёллар гирдобида қолганча уйига кириб бораркан, атрофда сочилиб ётган буюмларни кўриб ҳаммасини тушунди. Демак, ўғри шу бола! Бирдан эсига жаранглаб йўлакка тушган нарса тушди-ю, ортига қайтди. Бир қаричча келадиган қўлбола арқончага тизилган бир тўда калитларни кўриб, эсдан айрилай деди. Унинг ичида ўзининг ўтинхонаси, омборхона, ошхона, қўйинг-ки, қаерга қулф урган бўлса, ҳаммасининг калити бор эди. Ўзи аслида уйдаги нарсалар ғойиб бўлаверганидан қулф-калит қилган Ҳайдар ака буни кўриб, аламдан додлагудек бўлди. Ҳозир милицияга борсинми, ёки мустақил равишда изқуварлик қилсинми? Бир дам иккиланиб турди. Сўнг бир қарорга келди, шекилли, ортига қайтиб, уйда, ҳовлида бетартиб ётган буюмларни ҳафсала билан йиғиштира бошлади. Мазахўрак бўлган ўғри яна пул қидирган чоғи. Ҳамма нарсани ўз жойига жойлаштириб бўлгач, сўрига чўзилди. Мияси ғовлаб кетганидан кўзига сира уйқу келмасди. Шу тариқа анча ётди. Уч ўғли, катта қизи уйли-жойли бўлиб ўзидан тинчиб кетган. Ҳозир супрақоқди Шоҳида билан Шерзод ота-онасининг суянчиғи бўлиб қолган. Шу икковини олиб хотини тоққа кетган, бир ҳафта уйда бўлмайди. Ўғри уйда одам йўқлигини сездими, демак эртага ҳам кириши аниқ. Эртага ишга бормай, деса қачонгача уй пойлаб ўтиради? Калитларини тушириб қолдирди, деб хурсанд бўлишга ҳожат йўқ. Халқимизда бир гап бор – эгасининг минг пойлагани, ўғрининг бир пойлагани. Укаси билан келинидан ўзи роса куйган. Энди бу ўғрининг пайдо бўлиши ҳушини учириб юборди. Ноқулай ётгани учунми, ҳар хил хаёлларга берилиб асаблари чарчаганиданми эрталаб уйқудан толиқиб, чарчаб уйғонди. Бир амаллаб чой қилиб ичиб, ишга отланди. Кўчада қўшниси Хадича хола билан тўқнаш келиб қолди. Салом – аликдан сўнг қўшни хола кеча тунда бўлиб ўтган тўполон ҳақида гапириб қолди. Айтишича, Хадича холанинг катта ўғли анчадан буён уйидан пул, турли қимматбаҳо буюмлар йўқолаётганини сезиб юрган экан. Кеча шу ўғрини тутиб, милицияга бериб юборибди. Хола ҳали узоқ гапирмоқчи, ўғрининг қўлга тушиш саҳнасини маҳорат билан тасвирламоқчи эди-ю, аммо Ҳайдар ака ишга кеч қолаётганини айтиб узр сўради. – Қолган гапларни кейин бафуржа гапириб берарман. Лекин албатта уйга ўтинг, ўғрини кимлигини билсангиз, аниқ эсингиздан айриласиз, – шундай деди – ю, рўпарадаги ҳовлига қараб кетди. Демак, энди навбат бошқаларга. Шундай хаёллар гирдобида Ҳайдар ака ишхонасига шошилди. Эски-туски жомакорини кийиб, кеча чала қолган ишини давом эттирди. У ишлайдиган жой шаҳар марказида жойлашган пайвандлаш цехи бўлиб, ёшгина бир тадбиркор бошқарарди. Баъзан унга жуда алам қилар, келиб-келиб шу жинқарчанинг қўлида ишлайманми, фарзандим тенги бола менга уни қилма, буни қил, деб буйруқ берадими, дея фиғони фалакка чиқар, лекин бошқа иложи йўқ. Ёши ўша жинқарчадан катта бўлса-да, ўзи қилолмаган ишни эплагани учун тан бермасдан иложи йўқ эди. Цехда ҳаммаси бўлиб 20 киши меҳнат қилади. Нолиса гуноҳ, ҳар доим иш ҳақини ўз вақтида олади. Ундан ташқари Акрам, яъни цех бошлиғи мен раҳбарман, деб қараб ўтирмайди. Ҳамма ишчилар билан бирга теппа-тенг меҳнат қилади. Ҳайдар акага ўхшаган ёши улуғ, серфарзанд оила бошлиқларига (улар бу ерда 5 киши ) алоҳида имтиёзлар ташкил этган. Бирор баҳона топиб, мукофот тариқасида қўшимча иш ҳақи бериб туради. Шундай бўлгач, нолишга бало борми, ўзи ҳам берилиб виждонан ишлайди. Ишлари сифатли бўлгани учунми, ё Акрамнинг тили ширинлиги, ё бўлмаса бошқа цехлардан арзонроқ нарх қўйилгани учунми уззукун цехдан буюртмачилар аримайди. Биров дарвоза буюрган, бошқаси панжара ясатиш дардида, яна бири синган, узилган буюмларни тузатиш учун келади. Бир соатлик тушликни демаса, кечгача тинимсиз меҳнат қилишади. Лекин кайфиятлари аъло даражада бўлади. Йигитчаларнинг ўлдим-куйдим ҳикояларини эшитиб, уларга ўзларининг тажрибаларидан айтиб бериб, катталар ҳам анча яйрайдилар. – Ассалому алайкум, Ҳайдар амаки, – бу Акрам эди. – хафа кўринасиз, соғлиғингиз жойидами? Ёки жиянингизни “ўғри” деб ушлаб кетганларидан хафа бўлдингизми? Хафа бўлишингизга арзимайди у бола. Ўзи бир кунмас бир кун шунақа бўлиши керак эди. Хафа бўлманг-у, шу цехга товар тушириб, ўз вақтида ташиб улгурмаган кунларимиз, бир неча марта жиянингизни шу атрофда учратганман. Эртаси бир неча арматураларим гумдон бўлган бўларди. Аммо милицияга арз қилиб ҳеч қанақа натижа ололмадим. Кейин эшитишимча, тоғасими-ей, кимидир боримиш у ерда. Ҳали кўрасиз, бу сафар ҳам сувдан қуруқ чиқади. – Акрамжон, нималар деб валдираяпсан, қанақа жияним? – Ий-е, хабарингиз йўқми? Укангиз Маҳмуд аканинг ўғли Шокирни кеча Хадича холанинг ўғли Ғулом ака ўғирлик устида ушлаб олиб, милицияга бериб юборибди. – Қанақа қип ўғирлик устида ушлайди? – Шокир уйда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, кириб анча пулни олиб, энди кетаман деб турганда, дарвоза тагида милиция ходимлари ушлаб қолишган. Айтишларича, Ғулом ака жуда жонидан тўйганидан, пул сақлайдиган уйига яширинча камера қўйиб ўғирликни тасвирга ҳам олибди. Шу сафар жиянингиз ё уёқлик, ё буёқлик бўлади. Яна ким билади дейсиз, таниш – билиш зўр бўлса қутулиб қолар. Унинг орқасида онаси турибди дейишади. Эшитишимча, бола жуда ёшлигидан ўғирликка ўрганиб қолган. Энди уни қайтариб бўлмайди. – Тўғри айтасан. Ниҳолни ёшлигида қийшиқ ўстирсанг, кейин уни тўғрилаб бўлмайди. Тўғирлашга зўр берсанг, синдирасан қўясан. Лекин боланинг “танка” си зўр. Ғулом куйиб қолмасин дейман-да. Ҳай, нима бўлса бўлар. Ишга халал берма. Гуноҳкор бўлса, пайти келиб жазосини албатта олади. – Ҳайдар ака Акрамга шундай жавоб берди-ю, ишга тутинди. Davomi bor


 


Диққат, диққат! "UZBEKINO.NET"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!
Категория: HIKOYALAR | Добавил: ⭐ADMINPRINSS⭐✔ (05.05.2014)
Просмотров: 1444 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0

Ештиш Радио ORZU FM


Онлайн радио ORZU FM


ComForm">
avatar