Главная » Статьи » HIKOYALAR

Упич хикоя Uzbekino.Net
Сизни билмадиму мен ҳали ҳамон музда сирпанишни яхши кўраман. Қор қайчилаб ёғиб турса, изғирин кўз очирмаса, тирноқларингни ости кўкимтир бўлиб, бурнинг учи худди қизлар лабидаги матоҳдай қип-қизариб одамга озор берса — шу ҳолат мени адойи тамом қилади. Совуқ, барибир совуқда жон оғрийди. Лекин, сал қизиб олгандан кейин... жоннинг роҳати. Сирпанаверасиз, сирпанаверасиз... Умр ўтган сари, болалигингдаги оддий хотиралар ҳам мўъжизадай кўринавераркан. Ўша парвозли кунларни эсласам, аввало муз устида сирпанаётган бир ғужум — майсадек қизу болалар худди жанубни истаб кетган қушлар яна баҳорда қайтадигандек, қалбимга ширин бир орзиқиш ва маъюс ўкинч солади.
Боғимизнинг адоғида жар, унинг тубида булоқ бўларди. Қўшниларимизнинг ўғил қизлари тўпланганда, йигирма кишидан ортардик. Тўртта бола тўпланса — тўполон. Ана энди эртадан кечгача шовқину суронни кўринг. Лекин бизнинг ўзимизга хос бир ўйинимиз бор эди-да. Хуллас, шарти шундай: Булоқдан кафтда сув олиб қизларга сепиш. Бир киши бир қизга. Кичкина кафтчамизда қанча сув кетади: нари борса бир қултум. Шу бир ютум сув пастликдан тепаликка чиққунча тўкилиб, фақат нами қолади. Қўлимизда қолган нам билан қизларга интилардик. Улар бўлса, боғни шовқинга тўлдириб қочишарди. Қани етишнинг иложи бўлса. Қизлар тутқич бермас, биз қува-қува, боламасмизми, ўзимизча жаҳл қилаб, аразлардик. Шунда қизлар, ҳазиллашганини айтиб биздан узр сўрар, ялинар, булоқдан сув ичгилари келаётганини айтишарди. Биз бироз ширин гапдан эриб, яна булоққа чопардик. Қизлар эса... яна қочарди. Яна араз, яна узр, яна булоққа тушишу ва яна қочишлар. Чарчаб ҳолдан тойсак-да, барибир ҳеч бўлмаса биттамиз, битта қизга сув ичиролсайдик деб тирмашардик. Аммо бунинг сира-сира иложи бўлмасди. Кеч тушгач қизларнинг ўзи булоқдан сув ичиб, устимиздан кула-кула кетишарди.
Бир куни ўзимизча кенгаш қилдик. Булоққа ҳаммамиз тушамиз, лекин сув олиб қайтгач битта қизни қувамиз. Фақат биттасини ушласак бўлди.
— Ҳа, қаҳрамончалар кўрамиз, қани бугун бизни енгасизларми? — деганча қизлар қийқиришиб боғга кириб келишди. Дарахтдаги қушлар пир этиб осмонга кўтарилиб, тепадан "қани нима бўларкан”, деган ўйда бошимиз узра учиб бизларни кузатарди. Ҳа, боғни ёш болаларнинг шовқин босиб кетди. Онам:
— Бунча шовқин қилмасанглар, зумрашалар — деб енгилгина койиб қўйдилар.
— Ҳазир бўлинглар, бу жар ёмон, яна бир-иккитанг оқ каптарга айланма — деди уйимизга келаётган, "қарғиш момо”, деб лақаб олган Санам кампир.
— Момо, бир дуо қилинг, болалар бугунам бизга сув ичира олмасин — деди Гўзал деган исмига монанд қизларнинг ичида энг чиройлиси. Ва момодан балога қолди:
— Ҳа, ергина еткур. Мунчоғдай кўзларингни қарғалар чўқисин, бурро тилларингни мушуклар есин, тўхта қочма, кийикникидек чопқир оёғингни Нусрат чўлоқнинг ити чайнасин — деб момо қизларни олдига солиб қувди. Момо табиатан серқарғиш бўлиб, унинг энг эркалаб айтган гапи ҳам, "гўштингни егур”, эди. Айниқса, момога дуо қилинг деб, сира-сира айтиб бўлмасди. Момо ўзига қўйилган лақабдан хабардор кўплар уни дуо қилинг дер, бу момога "Ҳа қарғиш, қалайсан”, деган маънони англатарди.
Қизларнинг кўзлари катта-катта бўлиб кетди. Момони қўлига тушмаслик учун ура қочишди. Уларнинг бу ҳолатини кўриб кўкдаги қушлар ҳам, чийиллаб "кулиб” қўйишди. Бизлар бўлса, рақибларимизни қувган момодан хурсанд бўлиб, Ориф деган ўртоғимиз:
— Ҳа, ўзимнинг қарғиш момомдан айланай — деб юборди.
Ана энди томошани кўринг. Момо югуриб кетаётган жойидан ёнга бурилди-ю бизни қувиб солди. Биз бир икки қочдик, қарасак чарчаяпмиз, бунақада булоқдан сув олиб чиқишнинг иложи бўлмай қолади. Ҳаммамиз жондордан қочган қўйдек, булоққа чопдик. Тик жарликдан қандай тушиб кетганимизни эсласам ҳалиям баданим жунжикиб кетади. Момо жар бошида келди-да, бир иккита кесак отди. Кесаги бизгача етиб келмади.
— Шу ердан қарғаларнинг оёғига илашиб чиқинглар — деб кўздан пана бўлди. Биз бироз турдик. Секин-аста қизларингн аввал сочи, кейин юзи ва бутун гавдаси кўринди. Улар бизга қараб қичқиришди:
— Келмайсанларми?
— Қандай тушиб кетдинглар?
— Қанотларинг чиқдими?
— Биз момо билан ярашиб олдик...
Ҳа, момонинг ғалати феъли бор эди. Унинг меҳри ҳам, қаҳри ҳам шундоқ тилининг учида турарди. Беш сония олдин қарғаган одамини кўриб қолса, ҳар гўштингни егур қалайсан, деб бағрига босар, ҳатто ўпиб қўярди. Гўштининг егур дегани, унинг яхши кўргани эди. Момо қанча қарғамасин, барибир одамлар уни яхши кўрарди.
— Ҳар бир қишлоқда битта шунақа одам ҳам керак — дейишарди қишлоқдошлар.
Биз булоқдан сув олиб тепага чиққанимизда қизлар тишларини кўрсатиб бизни эрмак қиларди. Барчамиз Гўзалга ташландик. У қочди. Бизлар уни ҳар томондан ўраб олдик. У ҳеч қаёққа қочолмай қолди. Оқибатда уни ерга йиқитиб, оғзига сувни солдик. У аламдан йиғлаб юборди:
— Йўқолларинг, йўқол...
Биз еру кўкни тўлдириб кулардик.
Болалар бир-бир шартини айта бошлади:
— Уйга вазифамни кўчириб берасан.
— Менинг этигимни ювасан.
— Рус тили домламиздикидек, менга ҳам кўрпача тикиб берасан.
Ҳаммаси ўз шартини айтди. Мен бўлсам:
— Битта ўпич берасан — дедим. Кеча битта кино кўргандим, жуда ҳавасим келувди. Менинг бу гапимни эшитиб боғдаги бор шовқин тинди. Ҳамма анграйиб қолганди. Ахир бизлар ўн бир ёшли болакайлар эдик-да.
Шунда бир қиз тилга кирди:
— Гўзлар, сенга қарғиш тегди.
Қизлар унинг гапини маъқуллаб чулдираша бошлади. Қарасак, Гўзал шу баҳона билан қутилмоқчи?
— Момонинг қарғиши урганда, бизларни жардан қарғалар оёғига кўтариб чиқишарди. Бунақаси кетмайди. Енгилдингларми — бажаринглар.
— Ахир сизлар ғирромлик қилдинглар. Ҳаммаларинг Гўзалга ташландинглар-ку, — деди яна ўша қиз.
— Қўлларингдан келса сенлар ҳам уни ҳимоя қилгин эди-да.
— Ғирромчилаор, ғирромчилар — деб қизлар тарқала бошлади. Бизлар уларни қанча тўхтатишга ҳаракат қилмайлик, улар кетишга чоғланди. Боғимиздан чиқиш жойида, Гўзал тўхтади-да;
— Мен ҳамма шартларингга розиман. Уйга вазифаниям бажараман, этигингниям ювиб бераман, кўрпачаям тикаман, фақат сен.. — қўлини менга бигиз қилиб, — сени, сени кўргани кўзим йўқ. — деб югуриб чиқиб кетди.
Шартлари амалга ошиши билан болалар сакраб-сакраб ўйнар, мен бўлсам, қирғий урган какликдай бошимни эгиб, нима қиларимни билмай турардим.

***
Орадан бир ойлар ўтиб барча ўртоқларим, ниятига етишди. Гўзал уларнинг шартини бажарган, бари хурсанд эди. Мен гоҳида айтган гапимдан уялар, қалбим қийналар, бекор айтдим, менам болалар қатори, этигимни ювиб бер, ёки мактабни тугатгунча математекадан масалани ечиб берасан десам бўларди-ку. Бир ўпичмиш. Шуям шарт бўлдими? Хуллас, Гўзал мен билан гаплашмай қўйди. Синфимизда ҳамма билан очилиб-сочилиб гаплашади, ўйнаб-кулишади. Менга келганда, чиройли қошини учириш билан кифояланади.
Ўшанда қиш эди. Биринчи қор ёғиб турганди. Қорхат ёздик. Ҳа, яна Гўзалга. Яна ўша шартлар. Ҳамма ўзига нима ёқишини, нима исташаётганини ёзишди. Навбат менга келганда:
— Бўлади энди, шунчасига улгурсаям, — деди бир ўртоғим.
— Мен-чи? — дедим йиғламоқдан бери бўлиб.
— Яна ўпич сўрайсанми?
— Нима қипти?
— Сен болани эсинг жойидами? Бу нима деганинг?
Ручкани қўлидан тортиб олдим-да, катта-катта ҳарфлар билан Жасур — ўпич, деб ёздим. Ориф анграйиб қараб турди-да, хатни буклай бошлади. Хат топширишни Бахтиёр деган синфдошим зиммасига олди. Хуллас катта танафусда Гўзал хатни ўқиди. Қорхат шартини биласиз: агар мактуб олган одам хат ёзган кишини тутса, ёзилган ҳамма нарса тутилган одамга ўтиб кетади. Гўзал бизни қувди. Болалар ҳар томонга қочишди. Мен бўлсам, индамай қаққайиб туравердим. Гўзални кўзи менга тушди. Бироз қараб турди. Ортига қайтди. Юрагимдан бир нима узилгандек, бутун вужудим карахт бўлиб, фақат юрагимнинг уришини эшитардим холос. У яна ортга қайтди. Мен томон юра бошлади. Болалар менга қоч, деб ҳайқиришарди. Мен қочишни хаёлимга ҳам келтирмадим. У етиб келди. Бироз тикилиб турди-да, юзимга шапалоқ туширди. Ва биз, тўғрироғи мен ютқаздим... Йиғлаб юборибман...
***
Тоғ билан тоғ учрашмаса — бу мумкин, лекин одам билан одам учрашади, қадрдон. Бир куни катта кўчада, анча сувлар оққач, ўз ҳаётимизга эга бўлгач Гўзални кўриб қолдим. Мактабдан ўғилчасини олиб қайтаётган экан. Мени кўрди-ю, жойида тўхтади. Энди, қишлоқ кўчаси тор, бунинг устига бир пана жой йўқ: ура солиб қочай деса. Наилож саломлашди:
— Келин яхшими, синфдош?
— Яхши. Полвон, исминг нима, — дедим ўғлини гапга солиб.
— Беҳруз. — деди ўғилчаси ширин тил билан. Сўнг бидирлай бошлади: — Амаки, синфдош қизимиз бор-ку, анави Лобар ўшанга битта ўпай десам, у мени бир тарсакки урди. Йиғлагандим, ойим, ҳали ёшсан, ҳеч бўлмаса қизларнинг олдида йиғламасликни ўрган деяптилар...

Сизга қандай билмадиму мен ҳалиям музга сирпанишни, булоқдан сув ичишни ва кимнидир жуда соғиниб яхши кўраман...
Диққат, диққат! "UZBEKINO.NET"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!
Категория: HIKOYALAR | Добавил: ⭐ADMINPRINSS⭐✔ (23.07.2016)
Просмотров: 1480 | Теги: Упич хикоя Uzbekino.Net | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0

Ештиш Радио ORZU FM


Онлайн радио ORZU FM


ComForm">
avatar