Қалдирғочнинг қанотлари ойга тегиб ҳўл бўлдими?!
Тошқин-тошқин сойлар тиниб сўқмоқ янглиғ йўл бўлдими?!
Ошиқларнинг кўзёшлари аччиқ-аччиқ кўл бўлдими?!
Сўқмоқларда қалдирғочнинг кўзёшлари, ёрижоним.
Ҳижронларга қолмади ҳеч на тоқат-у ҳолу-жоним.
Баргизубнинг япроқлари дардимизга малҳаммикан,
Кипригингда юз чайсин деб гуллар сепган шабнаммикан,
Бизнинг ишқдан огоҳ тунлар тилларига маҳкаммикан?!
Шармисор ишқ шодликлари биздан нари, ёрижоним,
Ҳижронларга қолмади ҳеч на тоқат-у ҳолу-жоним.
Юриб-юриб етган борми юлдузларнинг висолига,
Тўйган борми бу дунёда субҳидамнинг жамолига,
Қачон кундуз етишгайдир зарнигор бу ҳилолига!? -
Йироқлашар дийдорларинг борган сари, ёрижоним,
Ҳижронларга қолмади ҳеч на тоқат-у ҳолу-жоним.
Гоҳи зарда айлар қуёш қовоқларин уйиб-уйиб,
Не бўлди, кўр, дейди менга, мажнунлар ҳам суйиб-суйиб?!
Девоналар бўлди ишқнинг оташида куйиб-куйиб...
Тушун, гарчи мен севгининг самандари, ёрижоним,
Ҳижронларга қолмади ҳеч на тоқат-у ҳолу-жоним.
Зулайҳо ким? - Шоҳ канизи Юсуфга дил берганмиди?!
Лайли-чи? - У Мажнун ила дўланалар терганмиди?!
Ёки Зуҳро Тоҳир билан бир қабрга кирганмиди?! -
Майлига, биз ўшаларнинг издошлари, ёрижоним,
Ҳижронларга қолмади ҳеч на тоқат-у ҳолу-жоним.
Нега жимсан, нега ҳануз маҳзун-маҳзун йиғлаюрсан,
Ўзгага ёр бўлиб менинг жон-жонимни тиғлаюрсан -
Мен йўқ жойда сен ўртанмай қандоқ қилиб ухлаюрсан!?
Ё қизларнинг пўлатданми бардошлари, ёрижоним,
Ҳижронларга қолмади ҳеч на тоқат-у ҳолу-жоним.
Қалдирғочлар кўнглимизга ин қурса-да, шармандамиз -
Бу маломат аҳли аро биз гуноҳкор бир бандамиз.
Сен уларни унут, бизлар висол они гулхандамиз!
Кўзёшингга арзимайди қолган бари, ёрижоним,
Ҳижронларга қолмади ҳеч на тоқат-у ҳолу-жоним.
Диққат, диққат! "UZBEKINO.NET"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг! |