Главная » Статьи » Tabrik sherlar!

МУТОЛАА ЗАВҚИ: МУҲАММАД ИСМОИЛ. ЭНГ САРА ШЕЪРЛАР!
Оллоҳим чеки йўқ саховатингни,

Онамдан аяма саодатингни.

Умрини узоқ қил, этгин саломат

Кучини кўрайин шарофатингни.



Ёруғ кунлар ёздинг пешонасига,

Тиллою зар сочдинг остонасига.

Яна умр бергин этгин шафоат,

Онамни тўйдирма паймонасига.



Не қилсанг қилурсан қўлингда, сенинг!

Бахт топган қанча ўнг, сўлингда, сенинг!

Онамга умр бер, этгин саҳоват

Ҳар кун бош урурман йўлингда, сенинг!



Давлатинг камайиб қолмайди асло.

Бойликдан сенда йўқ асло муаммо.

Онамга умр бер, ҳаёт бер, ҳаёт

Сен ҳаёт бергувчи зотдирсан танҳо !



Ҳаммани ҳар қачон сийлагансан сен,

Ҳеч кимнинг ризқини қиймагансан сен.

Илтижоларим эт, ўзинг ижобат

Мустажоб этмасдан қўймагансан сен.



Онамга умр бер қодир Худойим!

Мўъжизангни этгин содир Худойим!

Ўнглаб юборасан умрин эртага,

Унга соғлиқ бергин ҳозир Худойим!



* * *





Ҳар инсоннинг битта камчилиги бор

Бу ҳол тақдир эмиш одам Атодан

Ул зот ҳайдалмасди жаннатдан абгор,

Инсон ҳоли бўлса агар хатодан.



Мен ҳам орзуларга чўмаман гоҳ гоҳ,

Бир ҳикмат ахтарган шонли дамларим.

Оёғимдан тортиб турар банагоҳ,

Феълимдаги нуқсон, камчиликларим.



Гоҳ ҳеч ким чиқмаган чўққига чиқиб,

Келади кеккайгим, керилгиларим.

Урилиб, сурилиб, юриб, йиқилиб

Эришганимдан кўп эришмаганим.



Ҳаёт жангги доим тўла ҳикматга

Билганимча мен ҳам сўзлаб бораман.

Қуръонга бош қўйиб, буюк ниятла,

Олий саодатни кўзлаб бораман.



Юксак орзу-ўйдан толмайман бир зум.

Айбу-нуқсонимга бераман барҳам.

Қиёматда ёруғ бўлсин бу юзим,

Токи бўлай Тангрим буюрган одам.



Тангрим банданг бўлсам, агар севилган

Бу дунёнгдан на тахт, нада сарой бер!

Қачонлардир одам Ато қувилган,

Нурли жаннатингдан бир парча жой бер!



***



Билмам кимнинг айбин қай кимса ёпар,



Билмам ким нимадан барака топар.



Аввал чопар эди ҳамма китобга,



Энди бари одам футболга чопар.

***

Дунёда ҳамма ишни ўзинг эплайсан, доллар.

Дилларга қувонч берган майин елдайсан, доллар.

Интизор кутаман-у, аммо айтгин, нега сен

Ҳаммага келасан-у, менга келмайсан доллар.

***

Турибман бекатда,

қўлимда патта

Билмайман қаерга,

қай вақтда, қачон.

Ҳали «салом» сўзин

айтмаган пайтда

«Хайр» демоқ учун

шошилмоқда жон.

Умр – жуда қиммат

матоҳдир аммо.

Арзонлашар экан

вақт ўтган сари.

Ўз қадрим меники

эмасдир асло.

Адашар меники

деганлар бари.

Ҳаёт – театрга ўхшар

азалдан

Уни ёзиб қўйган

ҳокими мутлоқ.

Ўзича ҳеч ким сўз

айта олмаган

Агар тақдирида

бўлмаса айтмоқ.

Бахт излаб югурдим

телба, саргардон.

Эрмаклади, кулди

ялтироқ, сароб

Фароғат чоҳига

чўкдим беармон

Гоҳ ҳою-ҳаваслар

айлади ҳароб.

Сен умр бердинг-у,

танга бергандай

Сарфламоқ ҳам қодир

ҳукмингда эгам.

Имкон бер, қудрат бер,

сўзлай, шеър айтай

Недир ҳаққоний бахт,

недир шарҳи ғам.

Билмасман дунёда

нимадир ёлғон

Чаплашган ранглардан

кўзим қамашган.

Бекатда турибман

кетолмай ҳайрон

Ё яхши яшадим

ёки алдашган.

Бисотингдан нур бер

қатра бўлса ҳам

Дил қонсин умрни

сарфлаган пайтда

Гарчанд кетмоқ учун

шаймас ҳар одам.

Барибир барчанинг

қўлида патта.

Ё Тангрим, бўлсак ҳам

разил, ярамас

Фақат сендан умид

тарк айламаган

Фақат яшамаган

одам адашмас,

Фақат ҳузурингдан

қувма қайтадан!

***

ИЛОҲО БАХТЛИ БЎЛ!



Менинг оппоқ қизим, ой қизалоғим

Совчиларинг келди, сўз кутмоқдалар.

Лозимдир уларни хуш кузатмоғим,

Сенинг тенгиларни узатмоқдалар.

Қадам қўярмисан остонасига,

Таъзим бажо айлаб саломинг билан.

Келин бўлармисан кошонасига,

Энг гўзал, энг ширин каломинг билан.
Диққат, диққат! "UZBEKINO.NET"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!
Категория: Tabrik sherlar! | Добавил: ⭐ADMINPRINSS⭐✔ (13.07.2016)
Просмотров: 1375 | Теги: МУТОЛАА ЗАВҚИ: МУҲАММАД ИСМОИЛ. ЭНГ | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0

Ештиш Радио ORZU FM


Онлайн радио ORZU FM


ComForm">
avatar